РИА Новости, Мария Табак — Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши тарафдорлари 23 июнь куни бўлиб ўтган референдумда 17,4 миллион сайловчи тўсиғини ошиб ўтган ҳолда ғалаба қозонди. Орадаги фарқ унча катта бўлмади. ЕИ таркибидан чиқиш учун 52 фоиз британияликлар овоз бўлган бўлса, аъзоликнинг сақлаб қолиниши учун — 48 фоиз. Референдумда жами сайловчиларнинг 72,16 фоизи иштирок этди.

Референдум юридик жиҳатдан мажбурий аҳамиятга эга эмас, яъни ҳукумат мамлакат тақдирини мустақил ҳал қилиши мумкин. ЕИ таркибидан чиқиш қарори тасдиқланганида ҳам, мамлакат иттифоқ таркибидан тўлиқ чиқиши учун бир неча йиллар керак бўлади: Лондон ЕИнинг ҳар бир аъзоси билан алоҳида яшаш шартларини келишиб олишига тўғри келади.

Бир неча соат давомида овозлар тўлиқ ҳисоб-китоб қилингунига қадар қайси томоннинг ғолиб чиқиши маълум бўлмади. Сўнгги соатлардагина ғалаба Brexit тарафдорлари томонида экани ойдинлашди.

Овоз бериш натижалари тўғрисидаги маълумотлар британ фунти курсига жиддий таъсир кўрсатди — у 1,35 доллардан пастроққа тушиб кетди. Бу ҳолат 1985 йилдан буён кузатилмаётган эди. Референдум қолган биржаларда ҳам саросималарни келтириб чиқарди. Осиё-Тинч океани минтақасининг асосий фонд биржаларида тушиш кузатилди, айниқса Япониянинг Nikkei индексида. Шанхай фонд биржаси индекси ҳам пастламоқда.