Россия Президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 15-юбилей саммитида иштирок этиш учун Тошкентга етиб келди. Бундан аввал эса Ўзбекистонга бир қатор давлат ва ҳукумат раҳбарлари келган эди.

ЎзА хабарига кўра, пойтахт аэропортида Россия етакчисини Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Кремль сайтида 23 июль куни эълон қилинган Синьхуа ахборот агентлиги билан интервьюсида Владимир Путин ташкил этилганидан буён анча кенгайган ШҲТни минтақада ва бутун жаҳонда нуфузли ва жуда кучли халқаро бирлашмага айланганини таъкидлаб ўтди.

«Халқаро вазият мураккаб ва хилма-хил, бизнинг ташкилотга у ёки бу халқаро муаммога турли нигоҳларда қаровчи ҳар хил нуқтаи назарли давлатлар қўшилган, албатта, бу муаммоларни ҳал қилмайди, аммо уларни ечиш учун шароитларни тақдим этади», — деди Владимир Путин.

Уфада бўлиб ўтган аввалги саммитда ШҲТга икки давлат — Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзо бўлиши тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди. Тошкент саммитида мазкур қарор мустаҳкамланади. Бундан ташқари, бошқа давлатларнинг ШҲТга аъзо бўлишга ҳаракати муҳокама қилинади.