ХХР Раиси Си Цзиньпин турмуш ўртоғи Пэн Лиюань билан биргаликда сешанба куни Тошкентга етиб келди. Пойтахт аэропортида уларни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова кутиб олди, дея хабар берди Синьхуа агентлиги Твиттерда.

ХХР раҳбарининг давлат ташрифи 22 июнга қадар давом этади, шундан сўнг у Тошкентдаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этади.

Олий даражадаги учрашув ва музокараларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳолати ва истиқболлари ҳамда минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари муҳокама қилинади. Бир қатор ҳужжатларнинг имзоланиши режалаштирилмоқда.

Ташриф режасида ХХР Раисининг Сенат аъзолари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ қилиши ҳам кўзда тутилган.

Си Цзиньпин Тошкентга Бухоро шаҳрига уюштирилган қисқа муддатли ташрифдан сўнг етиб келди. У ерда мартабали меҳмон қадимий шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.