Ўзбекистон ҳукумати Тошкент давлат техника университетининг ёпилган Нефть ва газ факультети талабалари контингентини И.М.Губкин номидаги Россия нефть ва газ давлат университети филиалига ўтказиш чора-тадбирларини тасдиқлади. 13 июнда тасдиқланган Вазирлар Маҳкамаси қарори матни Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Губкин номидаги РДУ филиалига бакалавриатнинг мос тушувчи ва яқин таълим йўналишларида таҳсил олаётган иккинчи ва учинчи босқич талабалари ўтказилади.

Бакалавриатнинг тўртинчи ҳамда магистратуранинг иккинчи босқичларига ўтган талабалар ўзлари таълим олган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таҳсилни ТДТУда якунлайди.

Ёпилган факультетнинг Ўзбекистондаги бошқа ОТМларда таълимни давом эттиришга қарор қилган талабаларни ўтказиш ишлари давлат гранти ёки тўлов-контракт асосидаги таълим шакли сақлаб қолинган ҳолда одатдаги тартибда амалга оширилади.

Қарор асосида талабаларни ўтказиш юзасидан тушунтириш ва ташкилий ишларни олиб бориш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳ талабаларни ўтказиш учун мос тушувчи ва яқин таълим йўналишлари рўйхатини аниқлаши лозим.

РДУ филиалига ўтказилган талабалар ҳам ТДТУга кирган асосда (грант ёки контракт) таълимни давом эттиради. Контракт миқдоридаги фарқ эса «Ўзбекнефтгаз» томонидан қопланади. Турар-жойга эҳтиёжи бор ёшларга талабалар уйидан жой ажратилади.

Россия ОТМ филиалига ўтган талабалар янги ўқув йили давомида ўқув фанларидаги академик фарқларни ўзлаштиришлари лозим. Улар учун икки ойдан олти ойгача давом этувчи рус тилини ўрганиш бўйича тезкор курслар ташкил этилади.

Қарорда ТДТУ нефть ва газ факультетининг озод қилинган профессор-ўқитувчилар таркибини иш билан таъминлаш бўйича ҳам чораларни амалга ошириш кўзда тутилган.