Ўзбекистонда Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Ўрмон хўжалигини ривожлантиришни молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори 10 июнда қабул қилинди (PDF).

Янги тузилма Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси қошида ташкил этилади. Жамғармани ташкил этишдан мақсад — ўрмон хўжалигини ривожлантиришни молиялашни, ўрмон фонди ҳудудида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, ҳимоялаш, такроран кўпайтириш ҳамда тиклашнинг молиявий таъминотини такомиллаштиришдан иборат.

Жамғарма маблағлари ўрмон фонди ерларида аризаларни кўриб чиққанлик ва рухсатномалар берганлик, ўрмон фонди ерларида ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни қоплаш бўйича ундирилган маблағлар, ўрмон хўжалиги участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш учун тўловлар ва бошқалардан таркиб топади.

Жамғарма маблағлари ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни бартараф этиш ва унинг олдини олиш тадбирлари, ўрмонларни муҳофаза қилиш учун техника ва технологиялар, экологик мониторинг тизимлари, асбоб-ускуналар ва компьютер дастурлари сотиб олиш, ўрмон уруғчилигини, селекциясини ривожлантириш, махсус оналик плантацияларини барпо этиш, махсус кўчатхоналар, иссиқхоналар, табиий питомниклар, вольерлар, серпентарийлар, доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш ва бошқа зарур мақсадлар учун сарфланади.