23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида БМТ бош котиби Пан Ги Мун номидан унинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жеффри Фелтман иштирок этади. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар қилди.

Мазкур саммит Ўзбекистон ташкилотга раислик қилган 2010 йилдаги каби муҳим аҳамият касб этади. Ўтган галги раислик доирасида БМТ ва ШҲТ котибиятлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланган эди, дейилади хабарда.

Саммит арафасида БМТ Бош ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ШҲТнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси тўғрисидаги материалдан иборат қўшимчага эга мактуб эълон қилинган эди.

«Мамлакатимиз ШҲТ раислиги доирасида халқаро алоқаларни ривожлантириш, унинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ШҲТ Хартиясида ўз аксини топган мақсадлар, вазифа ва тамойилларга мувофиқ келувчи хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишда муносиб ҳиссасини қўшди», — дейилади мактубда.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ШҲТнинг аъзолари ҳисобланади. Бир қатор мамлакатлар — Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Эрон, Мўғулистон ва Беларусь — кузатувчи сифатида ШҲТ фаолиятида иштирок этади, Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари саналади. Уфада бўлиб ўтган аввалги саммитдан сўнг Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо бўлиш жараёни бошланган.