Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 8 июнда Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун дори воситалари ва тиббий буюмларнинг олиб кирилиши тартиблари тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» Миллий компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжатда етти кундан ошмайдиган муддатда истеъмол қилишга етарли миқдордаги гиёҳванд моддаларни яшаётган ёки ташриф буюраётган мамлакат тиббиёт муассасаси томонидан берилган даволаш курси учун тавсия этилган ҳажмда тавсия этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда олиб киришга ижозат этилган.

Шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган психотроп моддаларни яшаётган ёки ташриф буюраётган мамлакат тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолда олиб киришга даволаш курси давомида истеъмол қилинадиган турли номдаги 5 тагача ва ҳар бири 2 қадоқдан ошмайдиган миқдорда олиб киришга рухсат берилган.

Жисмоний шахслар мамлакат божхона чегараларини кесиб ўтишда ўтказиш пунктларида ўзларида наркотик воситалари ва психотроп моддалар мавжудлигини декларация қилишга мажбур. Бунда гиёҳванд моддалар учун божхона органига яшаётган ёки ташриф буюраётган мамлакат тиббиёт муассаси томонидан берилган дори воситаси номи, унинг доривор шакли ва даволаш курси мобайнида тавсия этилган миқдори кўрсатилган ҳужжатни тақдим этиши шарт.

Қарорда шахсий фойдаланиш учун яшаётган ёки ташриф буюраётган мамлакат тиббиёт муассаси томонидан бериладиган ҳужжатларсиз олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш мумкин бўлган бошқа дори воситалари миқдори ҳам белгиланди. Унга кўра, турли номдаги 10 тагача ва ҳар бири 5 қадоқдан ошмаган дори препарати ҳамда 5 донадан ошмайдиган тиббий буюмларини олиб кириш мумкин.

Қарор матни яқин вақтларда эълон қилиниши лозим.