«Тошкент» телеканали пайшанба куни кечқурун халқ ўртасида Аҳмадбой номи билан танилган йирик молиявий пирамида асосчиси Аҳмадбой Турсунбоевнинг қўлга олингани тўғрисида қисқа махсус репортаж намойиш этилди. Репортаж 20:15 ва 22:15 да қайта намойиш этилади, шунингдек, «Ўзбекистон» каналида 20:30 ва 21:30 да ҳам эфирга узатилди.

Репортажда келтирилишича, Турсунбоев — Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз авто ҳамкор» масъулияти чекланган жамиятлари таъсисчиси ҳисобланади. У ва унинг ходимлари аҳолидан ҳеч қандай кафолат бермаган ҳолда энг камида 100 фоизлик йиллик устама билан қайтариш шарти билан миллий ва хорижий валютада пулларни қабул қилиб олган. Янада аниқроғи, томонлар бирор кор-ҳол содир бўлган тақдирда пул топшираётганларнинг яқинлари уларни қайтаришни талаб қилмаслигига келишган. Қўшимча равишда, Турсунбоев ойига 40 фоизлик устама билан хорижий валютада қарзга пул бериш билан ҳам шуғулланган.

Бу каби амалиётларда иштирок этганлар сони бир неча ўн минг кишини ташкил этиши маълум қилинди. Пул топширганлардан бирининг репортажда таъкидлашича, 8 млн сўмни топширган ва 10 ойдан сўнг уни 16 млн қилиб қайтаришга келишган — ҳар ойда 1,6 млн сўмдан.

Турсунбоевнинг ходимларидан бири интерьвюда ҳар кунлик пул айланмаси 3-4 млрд сўмни ташкил этганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, фоизлар янги «мижозлар» пули эвазига қопланиб келинган, улар сони эса барқарор бўлган.

Аҳолидан нақт пуллар билан бир қаторда автомашина ва қимматбаҳо буюмлар ҳам ойлик фоизли тўлов асосида олинган. Буларнинг барчаси ишчи дафтарларни ҳисобга олмаганда расмий ҳужжатларда қайд этилмаган.

Аҳолидан олинган маблағларнинг бир қисми хориждан турли маҳсулот ва қимматбаҳо материалларни олиб келувчи савдогарларга фоиз ҳисобида қарзга берилган. Шунингдек, Турсунбоев ўзи учун қимматбаҳо автомобилларни харид қилгани репортажда айтиб ўтилди.

Репортажда қайд этилишича, қўлга олинган шахс мазкур фаолият билан сўнгги тўрт-беш йилдан буён шуғулланиб келган.

Турсунбоев ва унинг яқин қариндошлари уйларида, шунингдек, унга тегишли компанияларда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида далилий ашё сифатида 13,139 млрд сўм ва 7,9 млн АҚШ доллари олиб қўйилди. Айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда.