Бутун ёз давомида Тошкентда 26 та стационар, 36 та кундузги, жами 62 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи фаолият кўрсатади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимиятида жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Таътил давомида шаҳар оромгоҳларида умумий бўлиб 43,5 минг боланинг ҳордиқ чиқариши режалаштирилган. Бундан ташқари, учта «Меҳрибонлик» уйининг барча 405 тарбияланувчиси ҳам дам олади.

Мактаблар қошидаги 36 кунлик оромгоҳларнинг ҳар бири 10 кундан бўлган 4 мавсумда 16 мингдан зиёд болани қабул қилиши кутилмоқда. Ўқувчилар хорижий тилларни ўрганиш, спорт ва турли ўйинлар билан банд бўлади.

Оромгоҳларга қамраб олинмаган болалар учун 228 та мактаб қошида спорт майдончалари фаолият кўрсатади.

12 та «Баркамол авлод» марказлари, тўгараклар ва спорт секциялари ҳам ўқувчиларга хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, 10 спорт тури бўйича «Таътил-2016» мусобақалари бўлиб ўтади.