Баҳорда Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқиб кетилаётганда олиб қўйилган Ўрта Осиё тошбақаларининг 250 дан зиёдроғи Тошкент вилояти Қурама тизмасининг тоғолди ҳудудларидаги «янги уй»ларига қўйиб юборилди.

Жума куни Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш республика инспекцияси («Давбионазорат») ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари иштирокида тошбақаларни табиий яшаш жойига қайтаришга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, март-апрелда ўтказилган тезкор тадбирларда 2949 бош тошбақа контрабандачилар қўлидан олиб қўйилиб, ёввойи ҳайвонларни парваришлаш ва сақлаш бўйича Global Master Group питомнигига сақлаш учун етказилган эди.

Жониворлар кеч тушган вақтда қўйиб юборилди. Бу пайтда ҳаво ҳарорати пастлаб, тошбақаларнинг фаол ҳаракатланиши учун мақбул шароит вужудга келади. Жониворлар кичик гуруҳларга ажратилиб, Қурама тизмасининг бир нечта қисмларида табиат қўйнига қайтарилди. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизматнинг аниқлик киритишича, тошбақалар озиқланиш ва кўпайиш майдонида рақобатга киришишига йўл қўймаслик мақсадида алоҳида-алоҳида тарқатилди.

Ўрта Осиё тошбақаси (Agrionemys (Testudo) horsfieldii) — чўл дунёси жониворларининг ажралмас вакилларидан бири. Улар бутун Ўрта Осиёда, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Шимоли-Шарқий Эрон, Афғонистон, Сурия, Ливан, Ҳиндистон ва Покистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларда учрайди.

Ўрта Осиё тошбақаси Ўзбекистон Қизил китобига киритилмаган бўлса ҳам, кўплаб мамлакатларда у йўқолиб кетаётган тур сифатида тан олинган ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш кенгаши Қизил китобидан жой олган.

Фото