10 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Мазкур қонун 2015 йилнинг 3 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси сенаторлар томонидан тасдиқланиб, 9 декабрда Президент Ислом Каримов томонидан имзоланган эди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, аҳоли, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ) кенг фойдаланиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун электрон ҳукумат фаолиятини ташкил этишнинг давлат органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги, даъво қилувчиларнинг электрон давлат хизматларидан тенг фойдаланиши, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби принципларини мустаҳкамлайди. Ҳужжат, шу жумладан, «бир дарча» принципи асосида электрон ҳужжат алмашиш имкониятларини кенгайтириб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқанинг самарали механизмларини яратишни, электрон давлат харидлари тизимини ривожлантиришни назарда тутади.

Қонунда электрон давлат хизматларини кўрсатувчи Вазирлар Маҳкамасининг, марказда ва жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари, функциялари, шунингдек, фуқароларнинг, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари белгилаб берилган. Электрон ҳукумат фаолиятининг тартиби, асосий инфратузилма хусусиятлари белгиланган.

Қонуннинг тўлиқ матни билани қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.