РИА Новости, Людмила Божко -SAS авиакомпаниясининг 350 нафар швед учувчиси касаба уюшмасининг меҳнат ва маош шартларига норозилиши сабабли жума куни кечқурун бошлаган иш ташлашлар 20 минг йўловчига тааллуқли бўлди, 159 та авиарейс бекор қилинди, дейилади Скандинавия SAS хабарида.

«SAS`нинг швед учувчилари томонидан амалга оширилаётган кўпчилик рейслар бекор қилинади. Шанба куни бу 159 рейс ва 20 минг йўловчига таъсир кўрсатади», — хабар қилди авиакомпания.

Касаба уюшмаси маълумотига кўра, иш ташлашларда Стокгольмнинг «Арланда» аэропортида фаолият кўрсатувчи учувчилар иштирок этмоқда.

Улар, жумладан, ойлик маошни таклиф этилган 2,2 фоиздан кўпроққа оширишни талаб қилмоқда. Касаба уюшмасининг бошқа талаблари орасида — жамоавий шартномани турлича тушунишга имкон қолдирмаслик учун яхшилаш ва соддалаштириш масаласи ҳам бор.

«Мен SAS мижозларидан чин юракдан узр сўрайман, Швед учувчилари бирлашмаси иш ташлашга қарор қилди. Бу эса мазкур можарода айбсиз учинчи томон бўлган йўловчиларга таъсир кўрсатди», — деди SAS`нинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили Карин Нюман.