Ўзбекистонга саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтухов бошчилигидаги Россия делегацияси расмий ташриф билан келди, дея хабар қилди Россия савдо маҳкамаси матбуот хизмати жума куни. Икки кунлик ташриф чоғида ҳукумат ва соҳа ассоциациялари вакиллари билан музокаралар олиб бориш режалаштирилган.

Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан бўлиб ўтадиган ишчи учрашувда текстиль ва чарм саноати, шунингдек, Россияга пахта-тола ва ип-газлама экспорт қилиш борасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.

«Россия учун Ўзбекистон енгил саноат соҳасида стратегик муҳим ҳамкор ҳисобланади. 2015 йилда Россия Федерацияси Ўзбекистондан 150 млн долларга яқин миқдордаги 73,7 минг тонна йигирилган пахта ипини импорт қилди. Бу йигирилган пахта ипи умумий миқдорининг қарийб 60 фоизга яқинини ташкил этади», — деди Виктор Евтухов.

Россия енгил саноати учун хомашё, энг аввало йигирилган ип етказиб бериш кучларини бирлаштириш мақсадида РФ ҳудудида қўшма корхона ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Россия делегацияси, шунингдек, бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон молия вазири Рустам Азимов билан учрашиш ва пахтани қайта ишлаш заводига ташриф буюришни ҳам режалаштирган.

Делегация таркибидан Россия пахта жамияти президенти Рубен Каспаров ва енгил саноат соҳасидаги бир қатор корхоналар раҳбарлари ўрин олган.