1 июлдан Ўзбекистонда маҳаллий телефон алоқаси ҳамда мамлакат ичида ва хорижга телеграмма юбориш хизмати учун янги тарифлар ўрнатилди.

Универсал телекоммуникация хизматлари учун янгиланган нархлар (прейскурант) 30 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланди. «Ўзбектелеком» компанияси матбуот хизматининг хабар қилишича, тарифлар аҳолига сифатли хизматларни тақдим этиш ва уларни кўрсатишдаги сарф-харажатларни қоплаш мақсадида оширилди.

Вақтбай тўлов асосида шаҳар телефонидан фойдаланганлик учун аҳолидан олинадиган ойлик абонент тўлови 2040 сўмдан 2350 сўмга (қишлоқ жойларда — 900 сўмдан 1035 сўмга), абонент тўлов тизимида — 2690 сўмдан 3090 сўмга (қишлоқ жойларда — 1325 сўмдан 1520 сўмга) оширилди. Мос равишда, ташкилотлар учун ҳам тарифлар оширилди.

Абонент тўлови таркибига кирувчи 180 дақиқалик белгиланган меъёрдан ошган ҳар бир тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган дақиқа учун тўлов барча фойдаланувчилар тоифаси учун 9 сўмдан 12 сўмга оширилди.

22:00 дан 7:00 га қадар бўлган муддатда маҳаллий қўнғироқлар учун вақтбай тўловда тарифга нисбатан 0,10 ҳажмда камайтирилган коэффициент амалда бўлади. Фавқулодда хизматлар, шунингдек, таъмир, техник кўмак бюроси ҳамда шаҳарлараро алоқа буюртма қилиш хизматига қилинган қўнғироқлар учун вақтбай тўлов амалга оширилмайди.

Хориж мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб шаҳарлараро қўнғироқлар нархи ўзгаришсиз қолди.

Келгуси ойдан бошлаб Ўзбекистон ичида ва халқаро йўналишлар бўйлаб телеграмма жўнатиш нархлари ҳам қимматлашади. Жумладан, аҳоли учун Ўзбекистон бўйлаб оддий телеграмманинг битта сўзи учун тўлов 44 сўм (ҳозирда — 37), тезкор телеграммада 220 сўм (184) қилиб белгиланди. Телеграммаларнинг барча турлари учун телеграф тўлови 184 сўмдан 220 сўмга оширилади.

Универсал телекоммуникация хизматлари учун тарифлар сўнги бор 2015 йил июлида ошган эди.