2015 йилда Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6648 жиноят фош этилди (2014 йилда — 6698). Мазкур рақамлар Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг йиллик таҳлилий ҳисоботида келтирилади.

Умумий наркожиноятларнинг 3017 таси (бир йил муқаддам — 3062) гиёҳванд моддаларнинг сотилиши, 706 таси (607) — контрабанда ва 1301 таси (1320) — наркотик сақловчи ўсимликларни ноқонуний етиштириш билан боғлиқ.

Ўтган йили ноқонуний айланмадаги 2,5 тонна наркотик моддалар (2,2 тонна), шу жумладан, 147,9 кг героин (106,5), 882,3 кг опий (881,9), 1 тоннадан зиёдроқ марихуана (802,9), 250,2 кг гашиш (100), 204,7 кг кўкнори (406,4) ва 7184 таблетка психотроп моддалар (2014 йилда — 18,59 минг) олиб қўйилди.

Йил давомида чегара ҳудудлари, шунингдек, Афғонистон ва Тожикистондан Ўзбекистон орқали транзитни амалга оширувчи юк поездларига яшириб қўйилган Афғонистонга мансуб «эгасиз» гиёҳванд моддалар бўйича 50 далил фош этилди. Жами бўлиб 194 кг наркотиклар, жумладан, 101 кг атрофида опий ва 27,3 кг героин аниқланди.

Ўзбекистон ҳудудида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун 138 нафар хорижий давлатлар фуқаролари қўлга олинди (2014 йилда — 100). Уларда 364 кг (133,3) наркотик, 1400 дан зиёд таблетка кўринишидаги психотроп модда ҳамда 7800 л ва 89,8 г (1610 л ва 262,8 г) прекурсорлар (наркотиклар тайёрлашда қўлланиладиган моддалар) мавжудлиги аниқланиб, мусодара қилинди. Қўлга олинганларнинг катта қисми Афғонистон — 33 (19), Тожикистон — 27 (25), Россия — 24 (22) ва Қозоғистон — 9 (5) фуқароларидир.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг «Қора кўкнор-2015» операцияси жараёнида наркотик сақловчи ўсимликларни ноқонуний етиштириш билан боғлиқ 1049 далил (1125) аниқланди ва умумий 5132 кв. м (6692 кв. м) майдондаги ўсимликлар йўқ қилинди.

Суд органлар маълумотларига кўра, 2015 йилда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 3523 жиноий иш (2014 йилда — 3433) кўриб чиқилди. 4578 шахс (4568)га нисбатан жазо чоралари қўлланилди.