Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари 9 июнь куни Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, Ҳамдардлик китобига ўз қайдларини қолдирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур китоб Актобе шаҳридаги террористик хуруж қурбонларига бағишлаб мамлакатда миллий мотам куни эълон қилинганлиги муносабати билан очилди.

Аввал хабар қилганимиздек, 5 июнь куни Ақтўбе шаҳрининг бир қанча нуқталарида қуролли ҳужумлар содир этилди, натижада тўрт нафар тинч аҳоли вакили ҳамда уч ҳарбий ҳаётдан кўз юмди. «Казинформ» агентлиги маълумотларига кўра, айни пайтгача 13 босқинчи йўқ қилинган, 14 нафари жароҳатланган. Бундан ташқари, жиноятга тайёрларлик босқичида 20 киши иштирок этгани маълум бўлиб, улар шахси аниқланган ва тергов қилинган.

Ҳозирда олти киши қидирувда, мавжуд маълумотларга кўра, улар Ақтўбе вилояти ҳудудида.