Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Женевада Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер билан учрашди. 105-Халқаро меҳнат конференцияси доирасида бўлиб ўтган учрашувда ХМТнинг етакчи департаментлари раҳбарлари ҳам қатнашди, дея хабар қилди Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га.

Гай Райдер Ўзбекистоннинг мамлакат томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари доирасидаги мажбуриятларини бажаришдаги очиқлиги ва тарафдор экалигини, шунингдек, халқаро меҳнат стандартларини амалга тадбиқ қилишдаги илгарилашни қайд этиб ўтди. Мазкур жараёнда Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-сотиқ палатасининг мос равишда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамда Халқаро иш берувчилар ташкилотига аъзо бўлгани муҳим аҳамият касб этади.

ХМТ раҳбари ташкилот меҳнат соҳасида асосий тамойилларни амалга ошириш ҳамда бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича фаолиятнинг янги йўналишларини шакллантириш ва жорий этиш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаб ўтди.