Куннинг биринчи ярми давомида Миср лайнери фавқулодда қўнишни амалга оширгани муносабати билан ёпиқ турган Урганч аэропорти очилди ва Тошкентдан ушланиб қолган рейсларни қабул қилишни бошлади.

Қоҳира-Пекин йўналиши бўйича MS955 рейсини амалга ошираётган EgyptAir авиакомпаниясига тегишли А-330-220 самолёти бортда портловчи қурилма бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабар туфайли Урганчга қўнган эди.

Хорижий ОАВ маълумотларига кўра, таҳдид ёлғон бўлиб чиқди ва лайнер текширувлар якунига етганидан сўнг 17 нафар экипаж аъзоси ҳамда 118 йўловчиси билан парвозни давом эттирди.

Ўзбекистон пойтахтидан Урганчга 7:50 ва 13:00 да парвозларни амалга ошириши лозим бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг HY1051 ва HY1051 рейслари самолётлари мос равишда 13:15 ва 13:20 да парвоз қилди.