РИА Новости, Михаил Егорин — Қозоғистон махсус кучлари Ақтўбеда 13 экстремистни йўқ қилди, яна тўрт нафари жароҳатланди, дея хабар қилди РИА Новостига ИИВ матбуот котиби Алмас Садубаев. Етти жангари яширинишга улгурган, улар айни дамда қидирувда.

«Мамлакат ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби кучайтирилган тартибда хизмат вазифасини бажармоқда. Шаҳардаги ва бутун мамлакатдаги вазият барқарор ва назорат остида», — дея маълум қилди ИИВ вакили.

Қидирув эълон қилинган шахсларнинг беш нафари — Ақтўбе, иккиси — Қизилўрда ва Акмола вилоятидан. Гумондорларнинг энг ёши каттаси — 34 ёшда.

Ақтўбедаги отишма якшанба куни содир бўлди — экстремистлар икки қурол дўкони ва ҳарбий қисмга ҳужум уюштирди. Отишма натижасида олти киши: уч фуқаро ва уч ҳарбий ҳалок бўлди. Яна 10 киши жароҳатланди.

Аввалроқ ИИВ ҳужумга «радикал ноанъанавий диний оқим тарафдорлари» гуруҳи алоқадор эканини маълум қилган эди. Жангариларнинг асосий мақсади, полиция маълумотларига кўра, қурол-яроғларни қўлга киритиш бўлган.

Ақтўбеда террористик хавфнинг «сариқ» даражаси эълон қилинган — фуқаролардан қаровсиз қолдирилган буюмларга диққат қаратиш, шубҳали буюмларга яқин бормаслик ва ҳужжатларни текшириш ишларини тўғри тушуниш сўралмоқда.