РИА Новости, Елизавета Исакова — Швейцария фуқаролар учун ҳеч қандай шартларсиз 2500 швейцар франки (2500 доллар атрофида) базавий даромадини жорий этишга рози бўлмади, бироқ миграция сиёсатини қўллаб-қувватлади. Бунга якшанба куни мамлакатда бўлиб ўтган умуммиллий референдумнинг дастлабки натижалари гувоҳлик бермоқда.

Швейцария фуқаролари учун ҳеч қандай шартларсиз базавий даромад бериш ғоясини уч кантон — Фрибург, Шаффхаузен ва Золотурн аҳолисининг 20 фоизидан кўпроғи қўллаб-қувватлади. Юра кантонида эса ташаббус рекорд миқдордаги овоз берувчиларга эга бўлди — 35,8 фоиз. Қолган кантонлар ташаббус учун 20 фоиздан камроқ аҳоли овоз берди. Мутахассисларнинг қайд этишларича, ушбу манзара якуний ҳисоб-китоблардан кейин ҳам деярли ўзгармайди. Шундай қилиб, кўпчилик овоз билан таклиф рад этилди.

Агарда референдумда тасдиқ овозлари кўпчиликни ташкил этганида, швейцарлар ҳар ойда давлатдан катталар учун 2500, болалар учун 625 швейцар франки миқдорида моддий ёрдам оларди. Ғоя муаллифлари фикрича, бу одамларга ўзининг яширин қобилиятларини юзага чиқаришга ёрдам беради.

Айни дамда Швейцария миграция сиёсатига ўзгартиришлар киритишни қўллаб-қувватлади. Улар бошпанага эҳтиёжи бор кишиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда рад жавоб берилган тақдирда муҳожирларни ўз ватанига қайтариб юборишни тезлаштиришга оиддир. Овоз бериш якунларига кўра 17 кантон фуқароларининг 60 фоиздан кўпроғи ёқлаб овоз берган.

Якшанба куни халқ овозига қўйилган яна икки ташаббус — «жамоатчилик манфаатлари учун» ҳамда автомобиль солиқларини янада адолатли қайта тақсимлаш — Швейцария фуқаролари томонидан тасдиқланмади.