6 июнь куни Тошкентдаги Александр Сергеевич Пушкин ёдгорлиги қаршисида унинг ижоди ихлосмандларининг анъанавий учрашуви бўлиб ўтди. Бу йили маросим илк бор янги жойда — Бобур ва Руставели кўчалари чорраҳасидаги ўтган йили шоир ҳайкали кўчириб ўтқазилган Пушкин ҳиёбонида бўлиб ўтди.

Пушкин таваллудининг 217 йиллигига бағишлаб унинг ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросимида россиялик дипломатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, маданият марказлари вакиллари, «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.

Тадбирда Пушкиннинг шеърлари рус ва ўзбек тилларида ўқилди, мактаб ижодий жамоаларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди. Ёш бадиий сўз усталарининг республика танлови ғолибларига диплом ва совғалар ҳам тақдим этилди. Мазкур танловда ёш шоирлар ҳам иштирок этди.

Шоир хотирасига бағишлаб унинг номи билан аталадиган ҳиёбондаги маросимлар кечга қадар давом этди. Симфоник оркестр концерти, турли хиллардаги қўшиқ ва шеърлар янгради. Опера ижрочилари рус шоири ижоди асосида ёзилган опералардан ариялар ижро этишди.

Пушкин таваллудини нишонлашда «Камолот» ҳаракати аъзолари фаош иштирок этишди. Ҳаракат сайтининг бош саҳифаси рус шоирига бағишланди. Сайтда Пушкиннинг ўзбек тилига ўгирилган шеърлари жойлаштирилди.

Сешанба куни Байналмилал маданият марказида рус шоирига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтади. У 15:00 да бошланади. Шунингдек, кечқурун Алишер Навоий номидаги Катта академик театрида Пушкин ижоди асосида тайёрланган «Евгений Онегин» операси намойиши бўлиб ўтади. Рус маданият маркази вакилининг сўзларига кўра, унга кириш бепул.

Фото