Женевада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) ўртасида турли йўналишлардаги ўзаро алоқаларни кучайтиришни кўзда тутган меморандум имзоланди

Имзолаш маросими Халқаро меҳнат Конференциясининг Женевада бўлиб ўтаётган 105-сессияси доирасида ХКУК Бош котиби Шарон Барроунинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Танзила Нарбаева билан учрашуви якунлари бўйича бўлиб ўтди.

Имзоланган ҳужжат бандликка кўмаклашиш, меҳнат муҳофазаси, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш каби йўналишларда ўзаро алоқаларни кучайтиришни кўзда тутади.

Эслатиб ўтамиз, апрелда 330 дан зиёд миллий касаба уюшмаларини ўзида бирлаштирган ХКУК бош котиби Шарон Барроу Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

Халқаро меҳнат Конференциясининг 105-сессияси ишида 5000 нафардан зиёд делегатлар — дунёнинг 187 мамлакатидан ҳукуматлар, иш берувчилар ва касаба уюшмалари вакиллари қатнашмоқда. Ўзбекистон делегацияси таркибидан меҳант вазири Азиз Абдуҳакимов ва Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов ҳам ўрин олган.