Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2 июнь куни 1 сентябрда нишонланадиган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

«Биз учун ҳақиқатан ҳам энг улуғ, энг азиз айём бўлган бу қутлуғ сана ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад — энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади», — дейилади қарорда.

«Биз бундан 25 йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда »ўзбек модели" деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда", — қайд этилади ҳужжат давомида.

Байрам муносабати билан «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш режалаштирилган.

Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида учрашув ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилади.

Байрам арафасида кўплаб ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектлар фойдаланишга топширилади.

Ёз давомида «Истиқлол фарзандлари» ва «Келажак бизники, марра бизники!» деб номланган ёшлар фестивалларини, «Ўзбекистон — умумий уйимиз» республика дўстлик ва маданият фестивалини, «Миллий ғоя — бизнинг ғоя» илмий-амалий анжуманини, шунингдек, юртимиз мустақиллигини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика танловининг якуний босқичини ҳамда «Энг улуғ, энг азиз», «Ватан учун яшайлик!», «Ранглар жилосида — она диёр мадҳи», «Сени куйлаймиз, замондош!», «Истиқлол солномаси», «Бу — менинг Ватаним» каби анъанавий кўрик-танловлар ўтказиш режалаштирилган.