Эйндховен технология университети(Eindhoven University of Technology, TU/e)нинг бир гуруҳ талабалари сентябрь ойида Европа-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон-Қирғизистон-Қозоғистон-Хитой йўналиши бўйича мотосаёҳатни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Саёҳат қатнашчилари Ўзбекистонда Бухоро, Самарқанд ва Наманган давлат университетлари, шунингдек, Тошкентдаги Турин политехника университетида ўзларининг инновацион STORM Pulse электромотоцикли тақдимотини ўтказишни мақсад қилган. Мазкур тадбир Тошкент политехника музейида ҳам ташкиллаштирилади.

STORM Eindhoven жамоаси 23 нафар TU/e талабасидан ташкил топган. Уларнинг электр саёҳат мотоцикллари алмаштириладиган инновацион модулли аккумулятор блоки билан таъминланган бўлиб, бир марталик қувват билан 380 километгача масофани босиб ўтиши мумкин.

Гуруҳ белгиланган масофани 80 кун ичида босиб ўтишни режалаштирган. Саёҳатдан кўзланган мақсад бутун дунёда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга эътиборни жалб қилишдан иборат.