Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Ўзбекистон раҳбарияти — Президент Ислом Каримов, Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, бош вазир Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммадали Аҳмедов ва шоирлардан Абдулла Орипов ҳамда Иқболжон Мирзаалиев номидан таъзиянома эълон қилди.

Атоқли шоир ва ёзувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 79 ёшида вафот этди.

«Эркин Воҳидов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади», — дейилади таъзияномада.

«Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида „Тонг нафаси“, „Қўшиғим сизга“, „Ақл ва юрак“, „Менинг юлдузим“, „Ёшлик девони“, „Тирик сайёралар“, „Шарқий қирғоқ“, „Келажакка мактуб“ каби шеърий тўпламлари, „Нидо“, „Қуёш маскани“, „Руҳлар исёни“, „Кўҳинур“ каби достонлари, „Олтин девор“, „Истанбул фожиаси“ сингари саҳна асарлари, „Сўз латофати“ бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди», — қайд этилади таъзияномада.

«Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган бир қанча янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Эркин Воҳидов 1990-1995 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005-2009 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди».

«Атоқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Эркин Воҳидовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — таъкидланади таъзияномада.