Самарқанд давлат университети номидаги Алишер Навоий исм-шарифи олиб ташланди. Эндиликда у шунчаки «Самарқанд давлат университети» деб аталади. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматининг 24 майдаги қарорида сўз боради.

Мазкур қарор Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети очилиши муносабати билан қабул қилинди. Янги ОТМ Ислом Каримовнинг 13 майдаги қарори билан ташкил этилди.

СамДУ тарихи 1927 йил Самарқандда Ўзбек педагогика институти очилиши билан бошланган. 1930 йилда у Ўзбек давлат педагогика академияси дея қайта номланган. 1933 йилда эса академия ва Ўзбек давлат тиббиёт институти базасида Ўзбек давлат университети ташкил этилди.

ОТМ сайти маълумотига кўра, 1941-1944 йилларда Ўзбек давлат университети вақтинчалик Тошкент давлат университети билан бирлашган. 1944 йилдан университет қайтадан Самарқанддаги фаолиятини йўлга қўйди. 1960 йилда Ўзбек давлат университети Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетига айлантирилган.