Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 1 июнь куни Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига асосланган ҳолда Рамазон ойи 6 июнда кириб келиши қайд этилади.

Қарорда муқаддас Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, ислом дини арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилишга қаратилган кенг кўламли савобли амаллар ва тарғибот ишларини ташкил алоҳида таъкидлаб ўтилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди.

Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас зиёратгоҳларни ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилди.