Тошкентда таниқли шоир, драматург ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов 80 ёшида оғир хасталикдан сўнг ҳаётдан кўз юмди. Мазкур хабар душанба куни кечқурун ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Шоирнинг вафот этгани ҳақидаги хабарни «Газета.uz»га унинг оиласига яқин ахборот манбаси ҳам тасдиқлади.

ZiyoNET портали маълумотларига кўра, Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўқитувчилар оиласида таваллуд топган. Тошкент давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган (1955-1960 йиллар). Таҳсилни тамомлаганидан сўнг турли нашриётлар, газета ва журналлар таҳририятларида меҳнат қилган. «Ёшлик» журналининг илк бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатган (1982 йил). 1999 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Илк шеърий тўплами «Тонг нафаси» 1961 йилда нашр этилган. Шундан сўнг кўплаб янги тўпламлари дунё юзини кўрди. Эркин Воҳидов «Олтин девор», «Истанбул фожиаси» ва «Иккинчи тумор» пьесалари муаллифи ҳисобланади. Гётенинг «Фауст» трагедияси, Есенин, Твардовский, Блок, Иқбол, Ҳамзатов ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига ўгирган.