Тошкент шаҳар жамоаси 26-28 май кунлари Фарғонада бўлиб ўтган «Универсиада-2016» республика спорт ўйинлари медалларининг энг кўпини қўлга киритган ҳолда биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Ғолиблар юксак мукофот — Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг «Универсиада-2016» спорт ўйинлари иштирокчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси — Damas автомобили билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Фарғона ва Самарқанд вилоятлари жамоаларига ҳам Президент совғаси — Damas автомобиллари топширилди.

Еттинчи Универсиаданинг ёпилиш маросими Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтди. Очилиш маросимида бўлгани каби, ёпилиш тадбирида ҳам Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Универсиада мусобақалари 15 спорт тури — баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ташкил этилди.

Навбатдаги Универсиада Самарқандда бўлиб ўтади. Ушбу шаҳар талабалар спорт ўйинларини 2004 йилда ҳам қабул қилган эди.

Бунга қадар Универсиада Наманган (2000 йил), Бухоро (2002 ва 2013), Тошкент (2007) ва Андижонда (2010) ҳам бўлиб ўтган.