Шанба куни Самарқанд шаҳрида «Китоб олами» китоб мажмуасининг очилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги матбуот хизмати. Очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими Зоир Мирзаев ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Аманулла Юнусов иштирок этди.

870 кв. м майдонни эгаллаган мажмуада 22 йўналишдаги адабиётлардан таркиб топган савдо жавонлари ўрнатилган бўлиб, уларга республикамиз нашриётларида чоп этилган 2000 номда, 40 минг нусхадаги китоблар жойлаштирилган. Бошқа шаҳарларда бўлгани каби, бу ерда ҳам болалар бурчаги ҳамда кафе мавжуд.

«Китоб олами» тармоғининг биринчи дўкони ўтган йилнинг 2 ноябрида Тошкент шаҳрида очилган эди. Шундан сўнг Нукусда (27 апрель), Наманган ва Фарғонада (21 май) ҳамда Андижонда (22 май) иш бошлади.

Яқин кунларда Бухоро ва Урганчда ҳам «Китоб олами» мажмуаларининг очилиши кутилмоқда.