Фарғонада 26 май куни олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «Универсиада-2016» республика спорт ўйинлари бошланди, дея хабар берди ЎзА. Тадбирда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг «Универсиада-2016» спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

«Бугунги нуфузли мусобақаларга етиб келиш сизларга осон бўлмаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Саралаш босқичларида иштирок этган 165 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз орасидан фақат 900 нафар қатнашчига бундай юксак бахт насиб этгани бу беллашувларнинг нақадар кескин ва муросасиз ўтганидан, сизларнинг тинимсиз кураш, бақувват ирода ва маҳорат ҳисобидан бугунги марраларга етиб келганингиздан далолат беради», — дейилади Президентнинг спорт ўйинлари иштирокчиларига табригида.

«Мамлакатимизда шаклланган, „Умид ниҳоллари“, „Баркамол авлод“ ва Универсиада спорт ўйинларини ўз ичига олган, уч поғонадан иборат ноёб тизимнинг юқори босқичи бўлмиш Универсиада ўйинларида қатнашиш шарафига эришиш ва маҳоратингизни намоён этишнинг ўзи, ҳеч шубҳасиз, улкан ғалабадир, десам, асло хато бўлмайди. Барчангизни ана шундай катта ютуқ билан қизғин табриклаб, сизларга ўзимнинг самимий меҳрим ва ишончимни билдириб, бўлғуси беллашувларда омад ва зафарлар тилайман», — таъкидлади Президент ўз табригида.

Стадионга Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилган машъала олиб келинди. «Универсиада — 2016» спорт ўйинлари машъаласини бокс бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпиони, ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори, Олимпиада йўлланмаси соҳиби Бектемир Мелиқўзиев ва теннис бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнирлар ҳамда 2014 йил Наманганда ўтган «Баркамол авлод» ўйинлари совриндори, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Сарвиноз Саидхўжаева ёқди.

«Универсиада-2016» спорт ўйинлари 15 спорт тури — баскетбол, бокс, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, футбол, шахмат, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ташкил этилмоқда. 

«Универсиада — 2016» спорт ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди.

Вилоятда талаба-ёшларнинг Универсиада мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўрилди. Мусобақа олдидан кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ўтган йили жаҳон андозалари асосида 20 минг ўринли «Истиқлол» стадиони барпо этилди.

Фарғона шаҳрида янги спорт иншоотлари барпо этилиб, қатор спорт мажмуалари таъмирланди. Фарғона давлат университетида спорт-соғломлаштириш мажмуаси, 3 минг 200 ўринли футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдони ва енгил атлетика йўлаклари қурилди. Фарғона Олимпия захиралари коллежи спорт заллари таъмирдан чиқарилди. Фарғона политехника институтининг 4 талабалар турар жойи ва ошхонасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида турли кўчатлар ўтқазилиб, арча, каштан, ҳинд сирени, фарбиция сингари манзарали ва бутасимон дарахтларга уйғун ҳолда йўлаклар барпо этилди.

Фарғона, Маърифат, Мураббийлар кўчалари замонавий архитектура талаблари асосида таъмирланиб, 5 километрлик йўл реконструкция қилинди. Мусобақа иштирокчилари ва меҳмонлари яшайдиган талабалар турар жойлари ва меҳмонхоналарда барча шароит яратилди.