Ўзбекистонда энергия сарфи ҳажмини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар жорий йилда 500 миллион кВтс электр энергияси ҳамда 150 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга хизмат қилади, дея хабар тарқатди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Иқтисодиётнинг базавий тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар умумий миқёсда 250,1 миллион кВтс электр энергияси, 3 миллион куб метр табиий газ ва 20,1 Гкал иссиқлик энергиясини иқтисод қилишга олиб келади.

Айни вақтда 2015-­2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-­тадбирлари дастури амалга оширилмоқда. Ҳужжатда сотилаётган маиший электр ускуналари, янгидан қурилаётган бино ва иншоотларни энергетик маркалаш ва сертификатлаш, саноат ва ижтимоий объектларни технологик жараёнларни рационализациялаш базасида модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини фақатгина энергия самарадор ва энергиятежамкор технологиялар асосида барпо этиш, янги турар-жой ва маъмурий биноларни қуриш ва реконструкция қилишда энергия самарадорлигини таъминлаш, босқичма-босқич қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, шунингдек, энергиятежамкор қурилмалар, ускуналар ва материаллар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, уларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий секторда кенг қўллаш кўзда тутилган.

Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки Гуруҳи ҳамкорликдаги «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Унда технология ва ускуналарни янгилаш ҳамда уларни энергия самарадорлари билан алмаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошираётган саноат корхоналарини кредитлаш механизми кўриб чиқилган.

Лойиҳа доирасида 80 дан ортиқ сублойиҳаларни амалга ошираётган нефть ва газ, тоғ-металлургия, кимё, қурилиш, қайта ишлаш ва электр энергия каби соҳалардаги 30 дан зиёд корхона кўмак олди. Лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳар йили 540 миллион кВтс электр энергияси ва 252 миллион куб метргача табиий газни иқтисод қилишга имкон берди.

Аввалроқ Ўзбекистон 2030 йилга қадар ялпи миллий маҳсулот ҳажмини икки баробарга ошириш баробарида энергия сарфини ҳам икки мартадан кўпроққа қисқартириш вазифасини қўйгани хабар қилинган эди.