Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Ўзбекистон Фанлар академияси «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида «Универсиада — 2016» спорт мусобақалари машъаласини аланга олдириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«Универсиада — 2016» машъаласини 2012 йили Лондонда ўтган Паралимпия ўйинлари совриндори дзюдочи Шариф Халилов ўт олдириб, майдонга олиб кирди. У машъалани 2016 йили Жанубий Кореянинг Чонжу шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича Осиё саралаш мусобақасида ғолиб чиқиб, XXXI Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган истеъдодли спортчимиз Шаҳбоз Холмирзаевга тантанали равишда топширади.

Шундан сўнг машъала Фарғона вилояти сари йўл олади.

«Универсиада — 2016» машъаласи олиб ўтиладиган шаҳар ва қишлоқларда тантанали маросимлар, спортчиларнинг чиқишлари ўтказилади. Таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар иштирокидаги маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилади.