Корея биржаси (Korea Exchange, KRX) Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорини модернизация қилиш дастури доирасида мамлакат қимматли қоғозлар бозорининг Ягона дастурий-техник мажмуасини яратиш учун сервер ва телекоммуникация ускуналарини етказиш ҳамда ўрнатиш бўйича ишларни якунлади. Бу ҳақда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази хабар қилди.

Ўтган ҳафтада янги мажмуани синовдан ўтказиш ишлари бошланди. У фонд бозори мутахассислари, Марказий депозитария, инвестицион воситачилар, Миллий банк ва бошқалар мутахассисларини янги тизимлар билан ишлашга ўқитиш, шунингдек, синов операциялари ва қимматли қоғозлар савдоси имитацияси(Mock market)ни ўтказишни ўз ичига олади.

KRX вакиллари савдо, клиринг, депозитар ва назорат тизимларини ўз ичига олган ихтисослаштирилган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш жараёнини якунламоқда. Бундан ташқари, «Тошкент» Республика фонд биржасининг янги вебсайти ҳам яратилмоқда.

Ўзбекистон фонд бозори учун қиймати 6 млн долларни ташкил этувчи Ягона дастурий-техник мажмуани ишлашга шай ҳолатда тақдим этиш шарти билан топшириш бўйича KRX лойиҳаси Ўзбекистон Президентининг 2012 йил 19 майдаги қарори асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳани амалга оширгани учун KRX «Тошкент» РФБ давлат акциялар пакетининг бир акция кам 25 фоиз қисмига эга бўлади.

2012 йилда «Тошкент» РФБ устав капитали Республика биржа маркази мол-мулкларининг Давлат рақобат қўмитаси (75% улуш) ва республиканинг тўртта йирик банки (ЎзМБ, Халқ банки, Ўзсаноатқурилишбанк ва «Асака»)га етказилиши ва улар ўртасида тақсимланиши ҳисобига 1 млрд сўмдан 45 млрд сўмга оширилди.

2015 йилда фонд бозорининг Ахборот-ресурс маркази ташкил этилиб, у орқали ягона дастурий мажмуа маъмурияти амалга ошириш йўлга қўйилди.