«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси таркибидаги «Ўзпахтасаноат» АЖ пахта тозалаш корхоналари ҳузурида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳисоб-китоб қилиш мониторинг марказлари (130 та) ташкил этилди. Бу ҳақда компания сайтида маълум қилинди.

«Ўзпахтасаноат» АЖ бош директори Яшин Хидиров маълумотига кўра, марказларни ташкил этишдан кўзланган мақсад, республикада пахта ҳосилдорлигини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказишда тизимли назорат ўрнатиш, фермер хўжаликлари билан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тўлов интизомини ва ҳисоб-китоб ишларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Фермер хўжаликлари ва таъминотчи, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, солиқ идоралари ҳамда пахта тозалаш корхоналари ўртасидаги ҳисоб-китоб ва тўлов тизимини янгидан тартибга келтириш, соддалаштириш, шаффофлигини таъминлаш, хўжаликларнинг пахта ва ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши устидан доимий назорат тизимини мукаммаллаштириш, агротехник тадбирлар учун ажратилаётган моддий ресурслардан (ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий ўғитлар ва ҳ.к.) мақсадли ва оқилона фойдаланилишни назоратга олиш марказнинг асосий вазифалари деб белгиланди.

Эндиликда фермер бирор маҳсулотга буюртма бериш ёки зарурий агротехник тадбирлар учун маблағ олиши керак бўлса, мониторинг марказида ярим соатда ҳал қилиши мумкин.

«Пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига ҳисоб-китобларда қулайликлар яратиш мақсадида электрон имзо тизими, яъни смарт карталар жорий қилиниб, ортиқча расмиятчиликларнинг олди олинди. Ҳозирда фермерларимиз мониторинг марказига келиб, ўзларига белгиланган меъёр бўйича ёқилғи мойлаш материаллари, минерал ўғит ва бошқа турдаги хизматлар учун тўловларни электрон тизим, яъни смарт карталар орқали амалга оширмоқдалар. Бу эса, ўз навбатида, моддий-техник ресурслардан оқилона фойдаланилишига олиб келади», деди раҳбар.

Компания биносида Республика штаби ташкил этилган. У ерда республикадаги барча мониторинг марказлари тўғридан-тўғри назорат қилиниб, олинган кунлик натижалар таҳлил этилади, ҳудудий марказларга аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли тавсиялар берилади.