Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 19 май куни Ўзбекистон Республикасининг Турманистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига яқинда тайинланган Акмалжон Қўчқоровни қабул қилиб, ундан ишонч ёрлиғини олди. Бу ҳақда Туркманистон Давлат ахборот агентлиги хабар қилди.

Акмалжон Қўчқоров Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номидан самимий салом, барча туркман халқига йўлланган энг яхши тилакларни етказди.

Томонлар давлатлараро муносабатларнинг юқори даражада экани ҳамда савдо-иқтисодий соҳа ва бошқа истиқболли йўналишлар, шу жумладан, ўзбек қишлоқ хўжалик техникаларини етказиш жабҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар мавжудлигини қайд ўтишди.

Энергетика ва транспорт-коммуникация сектори, экология ва гуманитар соҳалар ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари экани таъкидланди.