Тошкент шаҳрида 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Аннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бош вазирлари Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи қурилиши ишларининг бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

Мазкур даргоҳ мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари ва халқларимизнинг ўзаро дўстона ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

«Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи барпо этилиши мамлакатингизда корейс миллатига мансуб фуқароларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир, — деди Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан. — Мамлакатларимиз жўғрофий жиҳатдан бир-биридан узоқ бўлса-да, маданиятимиз ва анъаналаримиз ўхшаш, халқларимизнинг фазилатлари ва мақсадлари муштарак. Жанубий Корея билан Ўзбекистон ўртасида 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганидан сўнг қисқа фурсатда икки томонлама муносабатлар стратегик ҳамкорликнинг юксак даражасига кўтарилгани бизни жуда қувонтиради».

Ҳван Гё Ан Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Шундан сўнг у Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар билан танишди.