Германиялик жаз қўшиқчиси Пэт Эпплтон ўзбек мусиқачилари билан ҳамкорликда Ўзбекистон бўйлаб концерт сафарини ташкиллаштиради. Сафар ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Ўзбекистон Давлат консерваторияси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилмоқда.

Элчихона матбуот хизмати хабарига кўра, концертлар 23 май куни Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат консерваториясида, 24 май куни Жиззах шаҳар 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ва 26 май куни Навоий шаҳар маданият ва санъат коллежида бўлиб ўтади. Бундан ташқари Пэт ушбу ўқув даргоҳларида қўшиқчиликдан маҳорат дарслари ҳам ўтказади.

Концертлар давомида Пэт Эпплтонга Қосимжон Назаров (қашқар рубоб), Нодира Мелибоева (чанг), Рамил Исанбаев (бас-гитара) ва Зиядулла Абдуллаев (урма зарбли чолғу) каби ўзбек мусиқачилари ҳамроҳлик қилишади.

Мазкур концертлар. Пэт (Патриция) Эпплтон немис миллатига мансуб аёл ва либериялик эркак оиласида дунёга келган. Университетда сиёсатшунослик йўналиши бўйича таҳсил олаётган вақтида у қўшиқчи сифатида ишлай бошлаган ва тез орада ўзига сиёсат жарчиси бўлишдан кўра мусиқа элчиси бўлиш кўпроқ мос келишини англаб етган.

Қўшиқчилик бўйича таълим олганидан кейин у «De Phazz» мусиқий жамоасига қўшилади ва «Jazzkantine» жаз гуруҳи, «Nighthawks» ёки «Bahama Soul Club» каби гуруҳлар билан биргаликда муваффақиятли чиқишлар қилади.

Бугунги кунда Берлин шаҳрида яшаётган Пэт «замонавий немис жазининг энг муҳим овозларидан бири» (3sat) саналади ва «De-Phazz» гуруҳи билан биргаликда бутун дунё бўйлаб концерт сафарларига чиқади.

Концертларга кириш бепул таклифнома чипталари орқали амалга оширилади. Маълумотлар бўйича қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин: 1208426 (Тошкент), (372) 2239054 (Жиззах) ва (436) 2260613 (Навоий).