Чоршанба куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да 20- Халқаро «Ўзбекистон нефть ва гази — OGU 2016» кўргазма ва конференция ўз ишини бошлади. Унда дунёнинг 26 мамлакатидан 200 дан зиёд компания иштирок этмоқда.

Форум очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов ҳамда мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Болгария бош вазири Бойко Борисов қатнашди.

Иштирокчиларни қутлар экан, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари мустақиллик йилларида Ўзбекистон нефть-газ соҳасини трансформация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлаб ўтди.

Унинг қўшимча қилишича, яқин кунларда Устюрт газ-кимё мажмуасини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтади. Мазкур мажмуада йилига 4,5 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен ва 100 минг тонна гидролизли дистиллятор ишлаб чиқарилади. Заводни ишга тушириш маросимида Корея Республикаси бош вазири Ҳван Гё Аннинг иштирок этиши кутилмоқда.

19 май куни «Ўзбекистоннинг нефть-газ сектори: технологиялар, инвестиция ва тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференция очилади. Унда Халқаро газ кенгаши бош котиби Пол Расмуссен, Евроиттифоқнинг энергетика кенгаши бўйича вице-президенти Марош Шевчович ва бошқалар иштирок этади.

OGU кўргазмасининг 20 йиллик фаолияти мобайнида дунёнинг 51 мамлакатидан 2000 дан зиёд компаниялар иштирок этди. OGU конференциясида 9000 делагация ва 1000 дан зиёд спикерлар қатнашди.

Кўргазма ва конференция ташкилотчилари — ITE Uzbekistan компанияси ва ITE компаниялар гуруҳи, шунингдек, «Ўзбекнефтьгаз» компанияси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.