Ўзбекистон меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистондаги миссиясини якунлаётган Корея Республикаси элчиси Ли Ук Хён билан учрашув ўтказди. Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар аҳоли бандлиги соҳасида икки мамлакат ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳамкорлиги энергетик ресурслар, автомобиль, текстиль, молия, АКТ ва бошқа соҳаларда жадал тараққий этиб бормоқда. Ўзбекистонда 400 корейс компанияси фаолият кўрсатмоқда. Улар ўн минглаб ишчи ўринларини ташкил этиш, илғор бошқарув технологиялари ва ноу-хауларни кенг тарқатиш йўли билан ўзаро манфаатли бизнесни ривожлантирмоқда.

Касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳанинг аҳамияти беқиёс. Ушбу марказларда корейс мутахассислари ўзларининг билим-тажрибалари ва технологияларини Ўзбекистон ёшлари билан бўлишмоқда, дея қайд этди элчи.

Меҳнат вазири ҳам ўз навбатида айнан Ли Ук Хённинг дипломатик миссияси давомида ўқув марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳа «иккинчи нафас»га эга бўлганини таъкидлаб ўтди. Самарқанддаги марказнинг биринчи ғишти қўйилди, Шаҳрисабз, Урганч ва Қўқонда ҳам шу каби марказлар ташкил этиш бўйича режалар тузилди.

Тошкентдаги касбий тайёргарлик марказида шу вақтга қадар 1500 нафардан зиёд киши таълим олди. Марказнинг 95,8% битирувчилари биринчи ойданоқ юқори маош тўланувчи ишларга жойлашди.

Меҳнат вазирлиги раҳбари бўлғуси элчи ҳам кўзда тутилган режаларни амалга оширишда маҳкама билан ишончли ҳамкорлик олиб боришига умид билдирди.