Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Осиё сузиш федерацияси (AASF) бош директори Таха Ал-Кишри чоршанба куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Меҳмон даставвал қўмита музейида бўлиб, бу ердаги турли экспонатлар, кубок ҳамда медалларни кўздан кечирди. Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий марказ фаолияти билан яқиндан танишди.

Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Ўзбекистон сузиш федерацияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.

Осиё сузиш федерацияси Бош директори Таха Ал-Кишри бошчилигидаги делегация куннинг иккинчи ярмида пойтахтда фаолият кўрсатаётган сузиш ҳавзаларида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишади.

19-20 май кунлари эса меҳмонлар Самарқанд шаҳрида барпо этилган сув спорти иншоотларини кўздан кечиради.