Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 18 май куни Оқсаройда Болгария Республикаси бош вазири Бойко Борисовни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Давлат раҳбари Болгария бош вазирининг Ўзбекистонга илк ташрифи ўзаро муносабатларда муҳим воқеа бўлиб, мамлакатлар ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда яхши имконият эканини таъкидлади. Ўзбекистон Болгарияни анъанавий ва ишончли иқтисодий ҳамкор деб билади, ўзбек ва болгар халқлари узоқ йиллик дўстлик алоқаларига эга.

Учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари — саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Болгария делегацияси таркибида энергетика вазири ўринбосари Жечо Станков ва ҳудудий ривожланиш вазири Лиляна Павлова ҳам бор. Фото: government.bg.

Томонлар Болгария бош вазири ташрифи доирасида 18 май куни «Ангрен» махсус индустриал зонасида янги Uz-Prista Recycling қўшма корхонасининг очилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ёрқин мисоли бўлганини қайд этдилар. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва Болгариянинг Prista Oil компанияси томонидан таъсис этилган мазкур корхона синтетик ва ярим синтетик мотор мойларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган.

Бойко Борисов Ўзбекистонда ташкил этилган «Навоий» ва «Ангрен» махсус иқтисодий ва индустриал зоналарда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шароит янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар очаётганини таъкидлади. Бу Болгария компанияларига Марказий, Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш имконини беради.

Ўзбекистон Президенти Болгарияда олиб борилаётган ва асосий йўналишлари иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестицияларни кенгайтириш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўлган иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Болгария бош вазири Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар стратегияси натижасида туб иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга эришилганини юқори баҳолади. Бугунги ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг янада тараққий этишида муҳим омил бўлаётганини қайд этди.

Томонлар ўзаро савдо алоқаларини янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Ўзбекистон Болгария бозорига кенг турдаги саноат маҳсулотлари экспорт қилиш ва ушбу мамлакатдан юқори технологияли товар ва ускуналар импорт қилишдан манфаатдор.

Учрашувда Ўзбекистон билан Болгария ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги истиқболли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишбилармон доиралар делегациялари алмашиш бўйича келишиб олинди.