Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига янги ректор тайинланди. ОТМ ходимининг «Газета.uz»га хабар қилишича, янги раҳбар сешанба куни кечқурун жамоага таништирилди.

Физика-математика фанлари доктори, профессор Абдураҳим Абдушукуров — математика соҳасида йирик олим. Ректорликка тайинлангунга қадар ЎзМУнинг Механика-математика факультети декани, унгача ўқув ишлари бўйича проректор вазифасини бажарган.

Янги ректор 12 майда ўзининг 98 йиллигини нишонлаган Миллий университетда навбатдаги йирик қайта ташкил этишлар манзарасида тайинланди. 11 май куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорини имзолаган эди. Унга кўра ОТМ ташкилий тузилмаси янгиланди.

Бундан аввалроқ эса ЎзМУнинг аввалги ректори Шуҳрат Сирожиддинов Президентнинг 13 майдаги қарори билан ташкил этилган Алишер Навоий номидаги янги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига раҳбар этиб тайинлангани маълум бўлган эди.