26-28 май кунлари Бухоро шаҳрида XV «Ипак ва Зираворлар» фестивали бўлиб ўтади, дея хабар қилди «Ўзбектуризм» Миллий компанияси матбуот хизмати. Байрамона маросим шаҳарнинг тарихий қисми бўйлаб миллий либослардаги ёшлар ва кенг аҳоли иштирокида тантанали юриш билан бошланади.

Фестиваль доирасида республика ва хорижлик ҳунармандлар, зираворчилар ҳамда тадбиркорлар маҳсулотларининг савдо ярмаркаси ташкил қилинади. Уста-ҳунармандлар (зардўзлик, кандакорлик, кулолчилик, миниатюра санъати, темирчилик, гилам ва атлас тўқиш, каштачилик ва бошқалар.) томонидан маҳорат мактаблари ўтказилиб, миллий ҳунармандчилик устахоналаридаги фаолият намойиш этилади. Фестиваль дастуридан ёш дизайнерлар томонидан атлас ва адрасдан тикилган либослар намойиши бўлиб ўтади.

«Бухоро тарихий ижтимоий-маданий анъаналарининг замонавий тамаддун талаблари кесимидаги ривожи» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда мамлакатдаги дипломатик корпуслар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий меҳмонлар ва инвесторлар иштирокида вилоятнинг юқори туристик салоҳияти сайёҳлик инфратузилмалари ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Бир қатор инвестицион лойиҳалар бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Фестивалнинг кўнгилочар дастурлари қаторига турли вилоятларнинг фольклор жамоалари томонидан қизиқарли маданий дастурлар намойиши ҳамда юртимизнинг таниқли ва ёш истеъдодли санъаткорлари ижросидаги гала концерт ташкил қилинади. Фестивалга ташриф буюрганлар, шунингдек, миллий кураш мусобақалари, хўроз уруштириш, қўчқор жанги, дорбозлик каби халқ уйинларини томоша қилишлари мумкин. Мамлакатнинг турли вилоятларидан келган машҳур ошпазлар ўртасида уюштириладиган «Палов сайли» кўрик-танлови ташриф буюрганлар учун ҳақиқий «Ошпазлар жанги»дан баҳраманд бўлиш имкониятини яратади.