Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11 май куни «Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорни имзолади. Ҳужжат матни Lex.uz`да эълон қилинди.

ЎзМУни қайта ташкил этишдан кўзланган мақсад — «олий таълимни ривожлантиришнинг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ўзгартириш», ОТМнинг «илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш» ва «ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан алоқаларини кучайтириш»дан иборат.

Ҳужжатда ЎзМУнинг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланган. Унга кўра, ОТМда геология ва география (1), физика (2), биология (3), кимё (4), математика (5), хорижий филология (6), тарих (7), иқтисодиёт (8), ижтимоий фанлар (9) ва журналистика (10) факультетлари фаолият кўрсатади. Ўзбек филологияси факультети ва бошқа тузилмалар базасида, аввал хабар қилганимиздек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг Улуғбек шаҳарчасидаги биноларига ЎзМУ Физика факультетининг тегишли кафедралари, лабораториялари, магистратура ва докторантура бўлимлари жойлаштирилади. Бўшатилган бинолар, лаборатория ва Ядро институтининг бошқа мол-мулклари зарурий реконструкцияларни амалга ошириш билан кечувчи илмий-таълимий жараёнларни ташкил этиш учун Миллий университет ҳисобига ўтказилади.

Бундан ташқари, Ядро физикаси институтининг илмий-техник лойиҳалари, конструктор-технологик ишланмалари ва илмий жиҳозлари уларнинг талабчанлиги ва мақбуллигини сақлаб қолиш ва ЎзМУ Физика факультетининг қайта ташкил этиладиган лабораториясига етказилиши нуқтаи назаридан тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш вазифаси топширилди.

2016-2017 йилларда Ядро физикаси институтининг 1956-1972 йилларда бунёд этилган объектларини капитал реконструкция қилиш режалаштирилган. Халқаро илмий конференция ва семинарлар ўтказиш учун замонавий инфратузилмаларни ташкил этиш, шу жумладан, 200 ўринга эга конференц-зал ва собиқ маданият уйи ўрнида 600 ўринга эга залли бино ҳамда таклиф этилган илмий ходимлар учун 30 ўринли меҳмонхона типидаги ётоқхонани бунёд этиш белгиланган.

1 июлдан ЎзМУ қошидаги Амалий физика илмий тадқиқот институти бекор қилиниб, унинг барча илмий лойиҳалари, ускуна ва бошқа мол-мулклари, зарурат туғилган тақдирда, Физика факультетига тақдим этилади.

Ядро физикаси институтига тегишли бўлган ядро реактори ҳамда ядровий ва радиацион хавфсизлик билан боғлиқ бошқа объектлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошида янги ташкил этиладиган Радиацион хавфсизлик маркази ҳисобига ўтказилади. Марказнинг вазифалари қаторига МАГАТЭ ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Ядро физикаси институти ядро реакторини эксплуатациядан чиқариш, мамлакат ҳудудида радиоактив материаллар омборхоналарини сақлаш, фойдаланиш ва йўқ қилиш бўйича ишларни олиб бориш, шунингдек, тозалаш хизматлари фаолиятини ташкил этиш кабилар ҳам киритилди.