Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 6 майдаги қарор билан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлади. Ҳужжат матни Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатда Мўйноқ туман ҳокимлиги ҳузурида устав капитали 200 млн сўм бўлган «Мўйноқ аква саноат» ДУКни ташкил этиш ҳамда «Жалтирбас» (17,28 минг га), «Судочье» (19 минг га) ва «Рибачье» (3000 га) табиий сув ҳавзаларини доимий фойдаланиш учун корхона ҳисобига бериш вазифаси топширилди.

Кўрсатиб ўтилган сув ҳавзаларига туташ Мўйноқ шаҳри ва Қозоқдарё посёлкаси ҳудудида жорий йилда «Ипотекабанк» кредитлари ҳисобига балиқларнинг саноат миқёсида овланадиган турлари (оқ амур, лаққа балиқ, зоғорабалиқ (сазан), судак ва бошқалар)нинг чавоқларини етиштириш мақсадида балиқ питомниклари ва инкубация цехлари бунёд этилади.

Кейинги йилдан бошлаб корхона учта сув ҳавзасида 1 миллион дона балиқ чавоғини етиштириб, бу кўрсаткични йилига 500 минг донадан ошириб боради.

2017 йилдан эса балиқларни қафас усулида етиштириш технологияси жорий этилиб, ҳар бир сув ҳавзасида 100 донадан қафас ўрнатилади.

Учта сув ҳавзасида амалга оширилган чора-тадбирлар шарофати билан жорий йилда 450 тонна балиқ етиштириш режалаштирилган бўлса, 2020 йилга бориб бу кўрсаткични 3500 тоннага етказиш белгиланган.

Балиқлар учун юқори даражадаги оқсилли озуқаларни ишлаб чиқариш учун «Мўйноқ аква саноат»га 100 га ҳажмдаги экин майдони ажратилади.

2017-2018 йилларда корхона базасида йилига 375 тонна миқдорида қайта ишланган балиқ ва ярим фабрикантлар ишлаб чиқариш қувватига эга цех барпо этиш белгиланган. Корхонада, шунингдек, 300 тонна сиғимга эга музлаткичли сақлаш камералари ҳам бунёд этилади.

Йил охирига қадар 2017-2020 йилларда Мўйноқ туманида экотуризм соҳасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиши лозим. Унда ҳаваскорлик ва спорт мақсадида балиқ овлашни ривожлантириш, шунингдек, «Жалтирбас», «Судочье» ва «Рибачье» сув ҳавзалари ҳудудида туризмни ривожлантириш учун қирғоқбўйича инфратузилмаларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Қарорда қайд этилишича, кўрсатиб ўтилган чоралар янги иш ўринларини яратиш ва аҳолини юқори сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.