Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз сайтида мавсум олди шакар маҳсулоти тақчиллигини сунъий равишда келтириб чиқармаслик чоралари тўғрисида маълумот берди.

Шакар ишлаб чиқарувчи «Хоразм шакар» ва «Ангрен шакар» компаниялари жорий йилнинг январь-апрель ойларида шакар ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 18,6 фоизга оширди.

Май-август ойларида ҳар ой учун ўртача биржа савдоларига шакар маҳсулотлари ўтган апрель ойига нисбатан 1,6 марта кўпроқ ҳажмда қўйилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон бўйлаб 1 кг шакарнинг улгуржи нархи 3200 сўмни ташкил қилади, савдолар деҳқон бозорларидаги махсус савдо нуқталарида амалга оширилади. Шунингдек, йирик супермаркетларда истеъмолчиларга қулай бўлиши учун 1 кг, 2 кг ва 5 кг қадоқланган ҳолда шакар савдоси ташкил қилинган бўлиб, уларнинг чакана нархи 1 кг учун 3700 сўмдан ошмаслиги таъминланган.

Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан доимий равишда жойлардаги савдо корхоналари томонидан шакар маҳсулотини белгиланган нархлардан юқори бўлмаган нархларда сотилиши назорат қилиб келинмоқда.