Нью-Йорк суди Ўзбекистон фуқароси Азизжон Раҳматовга нисбатан «Ислом давлати» террористик гуруҳини қўллаб-қувватлаш мақсадида тил бириктирганлик айбловини эълон қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди.

28 ёшли Раҳматов чоршанба куни қўлга олинган. АҚШ Адлия вазирлиги хабарига кўра, Раҳматов аъзолари ИШИДга қўшилишга қарор қилганларга кўмак кўрсатиш, шунингдек, Сурияга бориш истагида бўлганлар учун молиявий ёрдам жалб қилиш ва пул маблағларини тақдим этиш билан шуғулланувчи маҳаллий гуруҳ аъзоси бўлган.

Бир йилдан зиёдроқ вақт муқаддам худди шу иш юзасидан Ўзбекистон фуқаролари Абдурасул Жўрабоев ва Аброр Хабибов, шунингдек, Қозоғистон фуқароси Аҳрор Сайдахметов ҳам қўлга олинган эди.

Тергов ишлари Жўрабоев 2014 йилда вебсайтлардан бирида АҚШ ҳудудида ИШИД номидан терактлар содир этишга чақириқ эълон қилганидан сўнг бошланган. Шундан сўнг Жўрабоев ва Сайдахметов аввал Туркияга, сўнгра Сурияга бориш режасини тузгани ойдинлашди.

Сайдахметов 2015 йил февралида Нью-Йорк аэропортида Истанбулга учиб кетишга уринган чоғда қўлга олинади. Жўрабоев ҳам чипта сотиб олиб, март ойида Туркияга учиб кетишни режалаштиради.

Тергов талқинига кўра, Раҳматов Хабибов ва бошқа икки шахс билан Сайдахметовга ИШИДга қўшилиш режасини амалга оширишда моддий ёрдам кўрсатади. Жўрабоев 2014 йил августида ИШИДга молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида тил бириктирганини тан олади.

Раҳматов айбдор деб тан олинган тақдирда 50 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилади.