Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 12 май куни Германиянинг машҳур жамоатчилик ва сиёсат арбоби Лотар де Мезьерни қабул қилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Лотар де Мезьер мамлакатимизга «Бирлашган Германияда трансформацион жараёнларнинг ва Ўзбекистон янги тарихи бошланғич босқичининг 25 йиллиги» мавзусидаги экспертлар учрашувида иштирок этиш учун келди. Мазкур тадбир Тошкент шаҳрида Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатхонаси ва Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан ташкиллаштирилган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришдаги иштироки муҳокама қилинди.

Лотар де Мезьер Ўзбекистонда бўлиши чоғидаги кўрганлари ҳақида сўзлар экан, мамлакатдаги тарихий ўзгаришлар, архитектура ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий меросини асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар унда илиқ таассурот қолдирганини таъкидлади.

Лотар де Мезьер ГДР Вазирлар кенгашининг сўнгги раиси (1990 йилнинг 12 апрелидан 2 октябрига қадар) лавозимида, Германия бирлашганидан сўнг эса бир мунча вақт муқаддам ФРГнинг алоҳида топшириқлар бўйича вазири сифатида (1990 йилнинг 3 октябридан 17 декабригача) фаолият олиб борган.