Тошкентда 6-11 май кунлари бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. Ўзбекистон қитъа биринчилигига учинчи маротаба мезбонлик қилди, бунга қадар 2010 ва 2013 йилларда Осиё мусобақалари бўлиб ўтган эди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Гимнастика федерацияси сайти.

Пойтахтдаги Гимнастика саройида қитъанинг Ҳиндистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Хитой, Жанубий Корея, Япония ва бошқа мамлакатларидан 160 нафардан зиёд спортчилар майдонга чиқишди.

Яккалик баҳсларда Ўзбекистон номидан Елизавета Назаренкова, Мафтуна Қувондиқова, Жасмин Юсупова ва Сабина Тошкенбоева чиқиш қилди. Уч мусобақа куни якунларига кўра, ҳалқа, копток, булава ва тасма билан машқларни бажарган Назаренкова яккалик кўпкурашда қозоғистонлик Олимпиада лицензияси соҳибаси Сабина Аширбаевани ортда қолдирган ҳолда иккинчи ўринни қўлга киритди. Биринчи ўринни Корея вакили гимнастикачи Сон Юн Жи эгаллади.

Гуруҳ баҳсларида чемпионатнинг саккиз иштирокчиси чиқиш қилди. Улар орасида Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқи учун курашган Япония, Хитой ва Ўзбекистон жамоалари ҳам бор эди. Бухоро вилояти термасидан ўрин олган Камила Рустамова, Ферангиз Шодиева, Матлуба Рашидова, Карина Тагаева, Алина Касимова ва Анна Тендан иборат гуруҳ бешинчи ўрин билан кифояланди. Биринчи учлик Япония, Хитой ва Қозоғистон вакилларига насиб этди.

Алоҳида турлар бўйича яккалик мусобақада Назаренко Ўзбекистонга ҳалқа ва копток билан чиқиш қилиб иккита «бронза», булава билан машқлар бажарган ҳолда битта «кумуш» олиб берди. Шахсий биринчиликда корейс гимнастикачиси Сон Юн Жи мутлақ етакчилик қилди.

Алоҳида турлар бўйича гуруҳ дастурларида Ўзбекистон жамоаси тасма билан чиқишда олтинчи, булава ва ҳалқа билан чиқишда еттинчи ўринларни банд этди. Мазкур турлардаги машқларда «олтин»га мос равишда Хитой ва Япония вакиллари эга чиқди.

11-16 май кунлари эса Ўзбекистон пойтахти бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи ва Happy Caravan халқаро ўсмирлар турнирини қабул қилади.